Ўзбекистонда туристлар олтин ёмбиларини сотиб олиши йўлга қўйилади

Навоий шаҳрида турли ўлчамдаги олтин ёмбилари ишлаб чиқариш заводи қурилади ва туристларга олтин ёмбилари олиб чиқиш ҳуқуқи берилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 июн - Sputnik. Ўзбекистонга келган сайёҳлар олтин ёмбиларини сотиб олиши мумкин бўлади, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш қўмитаси.

Бу ҳақида президентнинг 7 июнда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан ўлчовли ёмбиларни ишлаб чиқариш ва қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини  тартибга солиш тўғрисидаги” қарорида айтиб ўтилган.

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари камайди – Марказий банк

Расмий ҳужжатда, “Навоий ТМК” Давлат корхонаси асосида ўлчами 5 граммдан 1000 граммгача бўлган олтин ва кумуш ёмбиларини ишлаб чиқарувчи замонавий юқори технологияли мажмуа қурилиши ҳақида айтиб ўтилган.

Лойиҳа ишга тушганидан кейин, Навоий ТМК ўзи ишлаб чиқарган олтин ва кумуш ёмбиларини ички бозорда миллий валюта эвазига сотиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, қимматбаҳо металлар савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхоналар ҳам ушбу ёмбилан савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Ушбу қарорни амалга ошириш – Ўзбекистоннинг сайёҳлик йўналиши сифатида жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Туризмнинг ривожланган турларидан бири бу – шоппинг туризм, яъни харид қилиш учун амалга оширилган саёҳат. У Хитой ва ҳиндистолик сайёҳлар орасида оммавий. Ушбу мамлакатлардан Ўзбекистонга кўплаб сайёҳлар келмоқда. Хитой ва ҳиндистолик сайёҳлар ўз ташрифи давомида олтин буюмларни сотиб олишни яхши кўришади. Олтин ёмбилари ҳам шулар жумласидан. Бу Ўзбекистон қимматбаҳо металлар бозорини ривожлантириб, мамлакатга янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиши мумкин”, - дейилган қўмита хабарида.

Шу билан бир вақтда, Ўзбекистондан қимматбаҳо металларни олиб чиқиш тартиб-қоидалари ва олиб чиқиш мумкин бўлган қимматбаҳо металлар миқдорига ўзгаришлар киритилади.