Ўзбекистонда мигрант аёлларнинг болалари ҳимояга олинади

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси хабарига кўра, мамлакатда болаларни интернатларда узоқ вақтга ташлаб кетиш ҳолатлар кўпайиб бормоқда
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. Хотин-қизлар қўмитаси янги лойиҳага қўл урди, деб хабар берилди Хотин-қизлар қўмитасининг Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Россияда қонуний туғиш мумкинми? Ҳомиладор мигрант аёллар учун эслатма
"Бугунги кунда 2 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари (32 миллион аҳолидан) Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея давлатларида меҳнат мигрантлари сифатида рўйхатдан ўтган. Натижада болаларни институтционал муассасаларида (интернатларда) узоқ вақтга ташлаб кетиш ҳолатлар кўпайиб бормоқда.

Ҳозирда меҳнат миграциясининг оила ва болаларга таъсирини ўрганиб чиққан расмий тадқиқотлар мавжуд эмас. Шунингдек, болалар ҳимоясига ва миграциянинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган таклифлар ҳам мавжуд эмас.

Юқоридаги ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси билан ҳамкорликда "миграция оқибатида ҳимояга муҳтож бўлган болаларни ҳимоя қилиш" мавзусидаги халқаро лойиҳага қўл урди", — дейилади хабарда.

2018 йил 11 июнь куни мазкур масалалар бўйича эскпертларнинг дастлабки учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Хотин-қизлар қўмитаси, "ЮНИСЕФ" жамғармаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, "Оила" илмий-амалий маркази, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази вакилларидан иборат эксперт гуруҳи иш бошлади.

Мазкур лойиҳа 36 ойга мўлжалланган бўлиб, мамлакатнинг 4 вилоятини қамраб олиши кутилмоқда.

Лойиҳа давомида мигрант оилаларнинг фарзандларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳар томонлама камол топиши асосий мақсад этиб белгиланди, деб хабар қилган қўмита.