Тинчлик бўлсин - АҚШ ва КХДР якуний шартнома имзолашди

Дональд Трамп Ким Чен Инни жуда хушфеъл ва ақлли музокарачи деб атади ва у билан яна учрашиш нияти борлигини билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 июн — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп, Давлат кенгаши раҳбари ва КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг Сингапурда бўлиб ўтган тарихий учрашув ниҳоясига етди. Учрашувда якуний шартнома имзоланди, лекин унинг мазмуни ҳозирча сир, деб хабар қилмоқда РИА Новости. 

Учрашувни Дональд Трамп "барча соҳани қамраб олувчи" деб атади ва Ким Чен Ин билан музокараларни давом эттириш ниятида эканини билдирди. 

"У жуда хушфеъл ва ақлли экан — бу хусусиятларнинг яхши бирикмаси… У жуда муносиб ва ақлли музокарачи. Биз биргаликда ажойиб кун ўтказдик, бир-биримиз ва мамлакатларимиз ҳақида кўп нарсаларни билиб олдик. Мен унинг кўп нарсага қодир ва ўз мамлакатини жуда севадиган инсон эканини билдим", — деди Трамп журналистларга АҚШ-КХДР саммити якунида. 

Ўз навбатида Ким Чен Ин ушбу учрашувни "тарихий" деб атади ва АҚШ президентига уни ўтказиш учун қилган саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди. Ким Чен Ин айтишига қараганда якуний шартномани имзолаш АҚШ ва Корея муносабатларида "янги старт ва катта ўзгаришларнинг" боши бўлади.  

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Шимолий Корея 1953 йилда Корея ярим оролидаги уруш тугаганидан кейин дипломатик муносабатлар ўрнатмаган эди. Корея томон саъй — ҳаракатларига қарамасдан АҚш тинчлик шартномаси имзолашдан бош тортиб келаётган эди.