Абдулазиз Камилов ЕХҲТ бош котиби билан учрашди

ЕХҲТ вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатни мутлақо янги даражага олиб чиққанини ва ЙХҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ имкониятлар яратганини қайд этишди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 июн — Sputnik.  Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер бошчилигидаги делегация билан учрашди, деб хабар қилмоқда ТИв матбуот хизмати. 

Ўзбекистон ИИВ ва ЕХҲТ делегацияси одам савдосига қарши курашишни муҳокама қилди

Гремингер бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ЕХҲТ билан ўтказиладиган "Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли" мавзусидаги халқаро конференция ишида иштирок этиш учун келган.

Учрашувда, иккала томон ҳам Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ўтказилаётган ушбу халқаро анжуман мавзуси долзарб эканини қайд этишди. Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб — бугунги кунда ёшлар инсониятнинг икки миллиардли авлоди бўлиб, эртанги кунимиз, қолаверса сайёрамизнинг фаровонлиги ҳам уларга боғлиқ, деган эди. 

Шунингдек, ЕХҲТ вакиллари, Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, улар "Ўзбекистонни сиёсий ривожланишнинг мутлақо янги даражага олиб чиққанини ва ЕХҲТ билан ҳамкорликни кенгайтириш учун аниқ имкониятлар яратганини" қайд этишди.

Суҳбат давомида ЕХҲТнинг барча уч ўлчамларида ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Учрашувда 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунлари нуқтайи-назаридан минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.