Мирзиёев Циндаода БМТ Бош котиби ўринбосарини қабул қилди

Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Циндао шаҳрида ўзи учун ажратилган қароргоҳда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммадни қабул қилди, деб хабар берди президент матбуот-хизмати.

Шавкат Мирзиёевни Циндао шаҳрида тантанали кутиб олишди
Мирзиёев кейинги икки йилда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги фаол тус олгани, амалий натижалар билан бойиганини таъкидлади. БМТнинг нуфузли делегациялари Ўзбекистонда бўлгани, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган амалий чора-тадбирлар режаси изчил амалга оширилаётгани қайд этилди, дейилади хабарда.

Амина Муҳаммад Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеянинг 72-сессиясидаги иштирокини мамнуният билан ёдга олган. Ўзбекистон томонидан минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистонни қайта тиклашга кўмаклашиш бўйича кўрилаётган аниқ чора-тадбирларни юқори баҳолаган. Тошкентда ўтган "Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик" мавзусидаги халқаро конференция бу масалага жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортгани қайд этилди.

Мулоқотда аввалги учрашувда эришилган келишувлар ижросининг бориши бўйича атрофлича фикр алмашилди. Ҳамкорликнинг истиқболдаги муҳим йўналишлари муҳокама қилинди.