ТОШКЕНТ, 7 июн – Sputnik. Ўзбекистонда июлдан мамлакатнинг барча нуқталарида тўрт турдаги тўлов тизимларини қабул қилиш бошланади. Бу ҳақда Spotга таяниб “Дарё.уз” хабар берди.
Ягона умумреспублика процессинг маркази директори Аҳрор Маҳмудовнинг сўзларига кўра,
Ўзбекистондаги 250 мингта терминалнинг 95 фоизи China UnionPay, 45 фоизи MasterCard карталарини қабул қилмоқда. Бир неча кун ичида қурилмалар Visa ва “Мир” карталарини ҳам қабул қилишни бошлайди.
“Мерчантлар, яъни сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар одамлардан пин-кодни сўрамасликлари лозим. Хорижда ўз паролингизни танимаган одамингизга айтиш одобсизлик ва тартибсизлик ҳисобланади. Шунинг учун чет элда карта эгасининг ўзи кодни терминалга мустақил киритади. Ўзбекистонга келган туристлардан сотувчилар пин-кодни сўраганида улар қанчалик ҳайратга тушишини тасаввур қилиб кўринг энди. Умид қиламанки, бир-икки ойдан кейин фақатгина UzCard карталарини қабул қилган терминаллар тарихга айланади”, - деган Аҳрор Маҳмудов.
Хабарда айтилишича, Ягона умумреспублика процессинг маркази барча терминаллар паркини битта халқаро тизимга мўлжаллаб созлаб чиқса, қолганларини бир неча кун ичида автоматик янгилаш функцияси ёрдамида улаш мумкин бўлади.