Осмондан "Ташморе"га: ўзбек десантчилари парашют билан сувга сакрашди

Ҳарбийлар бир неча кун давомида МИ-8 вертолётидан парашют билан 400 метр баландликдан сакрашни амалга ошириб, жанговар шайликлари, тайёргарликлари қай даражада эканлигини намойиш этди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Бир неча ҳафталик тинимсиз машғулотлардан кейинТошкент ҳарбий округига қарашли "Марказ" десантчилар тайёрлаш базасида ҳарбий хизматчилар "Тошкент денгизи"га парашют билан сакрашди.

Ўқув майдончасида ҳарбий хизматчилар парашют билан сакрашгача бўлган барча жараённи ҳаво-десант тайёргарлиги офицерлари ва йўриқчилар томонидан ўтказилаётган назарий, амалий машғулотларда пухта ўрганиб, жанговар вазифани муваффақиятли бажарди, деб хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот-хизмати вакили Спутник Ўзбекистон мухбирига.

"Ҳарбийлар бир неча кун давомида МИ-8 вертолётидан парашют билан 400 метр баландликдан сакрашни амалга ошириб, жанговар шайликлари, тайёргарликлари қай даражада эканлигини намойиш этди.

Сувга бехато "қўниш" десантчидан етарли тажрибани талаб этади. Бунда шамолнинг йўналиши ва тезлигини инобатга олиш, хавфсиз тушишни таъминлайди. Улар сувга тушгандан кейин парашютни йиғиштириб, қайиқчиларга топширди ва қирғоққача бўлган 200-300 метр масофани сузиб ўтди", — деди суҳбатдош.