Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммитидаги кун тартиби маълум қилинди

Ўзбекистон президенти ХХР раиси Ци Цзинпин, Россия президенти Владимир Путин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июн – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов маълум қилди.

Алламжоновнинг билдиришича, Шавкат Мирзиёев Циндаога 8 июнь куни етиб келади. Ўзбекистон президенти 9 июнь куни ХХР раиси Си Цзинпин, Россия президенти Владимир Путин, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, саммитда ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-коммуникация соҳасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалалари ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа жиҳатлари муҳокама қилинади.

Комил Алламжонов шунингдек, Ўзбекистон президентининг Покистон президенти Мамнун Ҳусайн ва БМТ раҳбарияти билан ҳам учрашувлар ўтказиши режалаштирилганини билдирди.