Ўзбекистонлик Улуғбек Холов профессионал рингдаги навбатдаги жангини ўтказади

28 ёшли Улуғбек шу кунгача профессионал боксда 6та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган (3та нокаут).
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июн – Sputnik. Бугун профессионал боксда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик боксчи Улуғбек Холов ўзининг профессионал рингдаги еттинчи жангини ўтказади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жанубий Осетиянинг Цхинвал шаҳрида енгил вазн тоифасида бўлиб ўтадиган ушбу баҳсда унга россиялик Сослан Тедеев рақиблик қилади.

28 ёшли Улуғбек шу кунгача профессионал боксда 6та жанг ўтказган ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган (3та нокаут).

Россиялик 22 ёшли боксчи эса бунгача 18 маротаба рингга кўтарилиб, уларнинг 17 тасида рақибларини мағлубиятга учрата олган (11та нокаут). Битта жангда имкониятни бой берган.