Талабаларни мажбурий ишга жалб қилган университет раҳбарлари ишдан бўшатилди

Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология кафедраси мудири Махсет Айимбетов мазкур университет талабаларини дарсларидан озод қилдириб, ўзининг фермер хўжалигига дала ишларига жалб қилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июн – Sputnik. Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология кафедраси мудири ва кимё-технология факультети декани эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб-интернат директори ишдан бўшатилди

Хабар қилинишича, Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология кафедраси мудири Махсет Айимбетов 29 май куни мазкур университет кимё-технология факултетининг нефт ва газни қайта ишлаш технологияси таълим йўналиши талабаларини дарсларидан озод қилдириб, Нукус туманидаги ўзининг “Шортанбай танги” фермер хўжалигига дала ишларига мажбурий тусда меҳнатга жалб қилганлиги ҳақида “Хабар.уз” сайтида мақола эълон қилинган.

“Мазкур ҳолатни ўрганиш натижасида аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам Қорақалпоқ давлат университетининг кимё-технология кафедраси мудири М.Айимбетов талабаларни ёрдам бериш учун фермер хўжалигига олиб борганини ва шу куннинг ўзида соат 10:30ларда факултет деканатининг кўрсатмасига асосан талабаларни университетга қайтариб олиб келганини, қилган ишидан пушаймон эканини маълум қилган”, - дейилади хабарда.

Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, кафедра мудири М.Айимбетов ҳамда кимё-технология факултети декани Р.Курбаниязов 2 июн куни эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.