ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Саудия Арабистони тарихида илк бор аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномаси берилди, деб хабар қилмоқда Associated Press.
Қироллик Йўл полицияси ўзининг Twitterида аёлларга ҳайдовчилик гувоҳномасини топшириш акс этган видеолавҳани жойлаштирди. Гувоҳнома олган аёлнинг исми номаълум, лекин унинг халқаро гувоҳномаси бўлганлиги айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Саудия Арабистони қироли Салмон бен Абдул Азиз ал-Сауд бошқа мамлакатлар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган аёлларга қироллик гувоҳномалари беришга рухсат берган эди. Маҳаллий ОАВлар хабарига кўра, ушбу воқеа Қироллик учун “тарихий” воқеа бўлган.
Айтиш жоизки, Саудия Арабистонида олдин ҳам аёлларга автомобил ҳайдан тўғридан-тўғри таъқиқланмаган эди, лекин ҳайдовчилик гувоҳномалари олдин фақат эркакларга берилар эди. Аёл киши автомобил бошқаргани маълум бўлса унга катта жарима солиниши мумкин эди.