ТОШКЕНТ, 5 июн – Sputnik. 2018 йил 19–23 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида илк маротаба умумий ўрта таълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанларидан Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада дунёнинг қатор давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар ўқувчи ҳамда икки нафар жамоа раҳбаридан иборат гуруҳ иштирок этиши белгиланган.
Халқаро олимпиада икки босқичда: назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.
Ҳакамлар ҳайъати физика ва астрономия фанларидан дунёнинг таниқли халқаро экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва Ўзбекистоннинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан иборат.
Ушбу халқаро олимпиадада ғолибликни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.
Мазкур халқаро олимпиада кейинчалик икки йилда бир маротаба умумтаълим муассасаларининг 10–11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилади.
Ўзбекистонда бундай халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифи давомида маҳаллий аҳоли фаоллари билан учрашувда илгари сурилган эди.