Калининград вилоятида мигрантларга патент бериш вақтинча тўхтатилди

Душанба 4 июндан бошлаб фуқаролардан патент олиш учун ҳужжат қабул қилиш тўхтатилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 июн – Sputnik. Калининград вилояти ҳудудида шу йилнинг 1 августига қадар меҳнат патенти бериш тўхтатилади. Бу ҳақда вилоят ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

“Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг 2018 йил 25 майдаги 1/5841-сонли қарорига мувофиқ Калининград вилояти ҳудудида хориж фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патентлар берилиши жорий йилнинг 1 августигача вақтинчалик тўхтатилади”,-дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, душанба 4 июндан бошлаб фуқаролардан патент олиш учун ҳужжат қабул қилиш тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 14 июнидан 15 июлгача Россияда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Мусобақалар мамлакатнинг 11 шаҳрида, жумладан Калининградда ҳам бўлиб ўтади.