Наманганда оммавий telegram-канал маъмурияти ҳибсга олинди

Наманган ИИБ ижтимоий тармоқлардаги оммавий каналлар бошқарувчиларини ўз имкониятларидан фақат қонуний мақсадларга фойдаланишга чақирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Наманган вилояти ИИБ хабарига кўра, салкам 100 минг киши ўқийдиган “Namanganliklar” телеграм канали маъмурияти таъмагирликда айбланиб ҳибсга олинган. Бу ҳақида шаҳар ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Telegram терроризм билан боғлиқ бўлган 8,5 минг дона канал фаолиятини чеклаб қўйди

Ҳаммаси канал аъзоларидан бири суратга олган видеодан бошланди. Намангандаги “Соҳил” кафесида суратга олинган лавҳада тарелка ичида овқат билан бирга ўлик суварак акс этган эди. Буни суратга олган қиз ушбу видеони каналда намойиш қилиб ошхона маъмуриятини танқид қилишни сўрайди.

Телегарам-канал маъмурияти ушбу видеони эълон қилганидан сўнг ошхона маъмурияти улар билан боғланиб уни олиб ташлашни сўрайди. Бунинг эвазига канал бошқарувчилари ошхона эгасидан 600 доллар сўрайди.

Лекин ошхона маъмурияти ҳуқуқни сақлаш органларига мурожаат қилади. Ўтказилган тадбир натижасида канал бошқарувчилари ҳибсга олинади. Айни дамда ушбу ишнинг тафсилотлари аниқланмоқда.

Наманган Ичики Ишлар бошқармаси “Namanganliklar” телеграм-канали билан солдир бўлган воқеа, бугунги кунда Ўзбекистонда сони тобора ошиб бораётган бошқа ижтимоий тармоқ каналлари учун ўрнак бўлиши мумкинлигини эслатиб, улар йўл қўйган хатога йўл қўймасликка чақирди.  

“Турли хабарларни норасмий йўл билан тарқатиб, халққа ишончли манбаа сифатида кўринган ижтимоий тармоқдаги каналнинг администраторлари томонидан йўл қўйилган хато кўпчиликка ўрнак бўлишга арзийди. Бир вақтнинг ўзида 100 минг кишига исталган хабарни етказиш – бу улкан имкониятдир.

Лекин ўз имкониятларидан бировнинг айбини ошкор қилиш йўли билан даромад топишни мақсад қилган ушбу йигитлар бир вақтнинг ўзида канал аъзоларининг ишончидан ҳам ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлишди”, — дейилган ИИБ хабарида. 

Шунингдек, ИИБ ҳар қандай жиноятга жазо муқаррарлигини яна бир бор эсга солди. Хоҳ муайян, хоҳ кибер оламда содир этилган бўлсин.