ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Кинематография соҳасида дунёга машҳур олий ўқув юртларидан бири — Герасимов номидаги бутунроссия давлат кинематография институти (ВГИК) Ўзбекистонда ўз филиалини очиши мумкин, деб хабар қилди Sputnik мухбири.
Бу Ўзбекистон президентининг миллий киноиндустрияни такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори лойиҳасида кўзда тутилмоқда.
Ҳужжатда 2020/2021 ўқув йилида кинематография соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ВГИК филиали ёки Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги факультети очилиши кўзда тутилган.
Бу ерда ВГИК олий курслари ва ассистентура-стажировкасида тайёргарликдан ўтган мутахассислар ҳамда мунтазам равишда мастер-класслар ўтувчи россиялик мутахассислар фаолият олиб бориши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, жорий ўқув йилидан бошлаб Давлат санъат ва маданият институтининг иқтидорли битирувчилари ВГИКнинг "Кино ва телевидение" олий курсларида ўқиш учун жўнатилади. Институтнинг "Ижрочи продюсер" ва "Кинорежиссура ва кинодраматургия" йўналишларида таҳсил олувчи саралаш асосида танлаб олинган бакалавр даражасидаги мутахассислари ҳам бундай имкониятга эга бўлишлари мумкин.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши — 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Санъат ва маданият институтининг бакалавриат йўналишларидаги иқтидорли битирувчилари "Драматургия" ва "Аудиовизуал санъат режиссураси" ихтисосликлари бўйича ВГИК ассистентура-стажировкасига жўнатилади.
"Ўзбеккино" Миллий агентлиги 2018 йилнинг 1 октябрига қадар тегишли вазирликлар билан биргаликда бўлажак ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича ВГИК билан музокаралар ўтказиши лозим бўлади.
Қарор лойиҳасида маҳаллий таълим базасини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Бу мақсадда 2018-2019 ўқув йилидан Санъат ва маданият институтида "Кинодраматург" ва "Кинорежиссёр" таълим йўналишлари бўйича "Кино санъати" факультетини ташкил қилиш кўзда тутилган. Янги факультетга Мирзо Улуғбек технология касб-ҳунар коллежининг биноси берилади.