Volvo мутахассиси: Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришга ҳаракат – зўр янгилик

Унинг айтишича, электромобиллар атмосфера ифлосланишини камайтириш билан бирга йўллардаги шовқинларнинг пасайишини ҳам таъминлайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 май – Sputnik. Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш борасида ҳаракатнинг бошланиши зўр янгилик ва автомобилсозлик соҳасидаги улкан қадамдир. Швециянинг Volvo компанияси ходими, "Buyuk Kelajak" экспертлар кенгаши аъзоси Шерзод Жалилов Ўзбекистонда электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича республика концепцияси ишлаб чиқилиши ҳақидаги хабарни ана шундай изоҳлади.

Унинг айтишича, электромобиллар атмосфера ифлосланишини камайтириш билан бирга йўллардаги шовқинларнинг пасайишини ҳам таъминлайди.

“Ўзавтосаноат” электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бормоқда

“Бизнинг халқимиз автомобилдан асосий ҳаракат воситаси сифатида фойдаланади ва шу боис истаймизми-йўқми, йўлларда улкан шовқин юзага келади, бу эса шаҳарларимизнинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади”, - деди у.

Жалилов автосаноат гигантлари ҳозирда тўлиғича электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтаётганлигини билдирди.

Унинг айтишича, шу йилнинг 22 апрел куни Volvo компанияси 2019 йилдан оммавий ишлаб чиқариладиган электромобил юк машинасини намойиш этган.

“Бу билан айтмоқчиманки, ёнилғи билан юрадиган анъанавий транспорт воситалари эстафета таёқчасини электромобилларга топширмоқда. Ўзбекистоннинг мазкур тенденцияга эътибор қаратиши эса мамлакатимиз замон билан ҳамнафасликда қадам ташлаётганлиги ва автосаноат келажагини аниқ кўраётганлигини англатади”, - деди Volvoнинг ўзбекистонлик мутахассиси.