ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Билдирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг "Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 116-сонли қарорига асосан Ўзбекистон ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб ўрнатилган тартибда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналари берилиши йўлга қўйилди.
Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Ҳайдовчи ундан фойдаланганидан сўнг ҳар ўн йилда алмаштириб туриши керак.
Таъкидланишича, ўн йил давомида инсоннинг ташқи кўриниши ўзгариши, бу эса унинг ҳужжатларини текшириш жараёнида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
“2017 йил 1 октябрдан бошлаб 2020 йилнинг 31 декабрь кунига қадар эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига, уларнинг берилган санасидан қатъи назар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда алмаштириб берилади. Шундан кейин, яъни 2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади ва бу ҳайдовчилик гувоҳномалари билан автомототранспорт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик гувоҳномасисиз автомототранспорт воситаларини бошқариш бўлиб ҳисобланади”, - дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу янги ҳужжат 2017 йил 1 октябрь кунидан бошлаб ҳайдовчилар тайёрлаш курсларини тамомлаганларга назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтганларидан сўнг берила бошланди. Шунингдек, бирор-бир сабаб билан эскирган, яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони янгисига ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида алмаштириб берилади.
Шу билан бирга, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти ишлаб чиқилди. Ушбу регламент жисмоний шахсларга ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунасига алматириш тартибини белгилайди. Бу хизмат шу йилнинг 4 апрель кунидан Тошкент шаҳрининг Миробод туманида, 3 май кунидан бошлаб Наманган шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган эди. 14 май кунидан эса Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Учтепа туманларидаги Ягона давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш бошланди. Шунингдек, бу хизмат яқин кунларда Қўқон шаҳрида ҳам ишга туширилади. Босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби хизматларни йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун фуқаролар доимий яшаш жойидаги ҳудудий давлат хизматларини кўрсатиш марказларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талони ҳамда фуқаролик паспортининг нусхасини тақдим этади. Бу ерда тегишли ариза намунасини тўлдиради. Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари шу ҳудудда доимий рўйхатда турувчи фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш хизматларини кўрсатади. Давлат хизматлари марказлари, ҳудудий ЙҲХБ рўйхатлаш имтиҳон олиш бўлимлари билан электрон боғланган ҳолда фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланади.
Ариза берувчилар ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса ариза берувчи мустақил равишда сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Хабарда айтилишича, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.