ЖССТ раҳбари Ўзбекистонга келиш ниятида эканлигини билдирди

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 май – Sputnik. Швейцариянинг Женева шаҳрида бошланган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 71-сессиясида соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

ЖСТТга аъзо 194 та давлат иштирок этаётган мазкур сессияда халқаро ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказилди.

Бу йилги сессияда атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларининг саломатликка салбий таъсири ва унга қарши курашиш бўйича йўл харитаси, дори-дармон ва вакцина таъминоти, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича маърузалар қилинмоқда.

Ўзбекистон қизамиқ ва қизилча касалликларидан холи мамлакат деб тан олинди

Женева сафари давомида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистонда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

Суҳбат давомида Гебрейесус президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳаётга татбиқ этилаётган барча ҳуқуқий ҳужжат ва дастурлар аҳолига ғамхўрликнинг барча зарур жиҳатларини қамраб олаётганлиги, Ўзбекистон тиббиёт тизимида ҳам ўзининг оқилона стратегияси, сиёсати ва устувор йўналишларини белгилаб олганлиги, ислоҳотларнинг янги босқичи билан боғлиқ вазифалар амалга оширилаётганлигини эътироф этди.

Тедрос Гебрейесус ушбу тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлиш мақсадида шу йилнинг ўзида Ўзбекистонга ташриф буюришини билдирди.

Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини таъкидлади.