Нуробод туманидаги Жом қишлоғига сел 7 млрд сўмлик зарар етказгани маълум бўлди

Талаб этиладиган маблағлар маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 май – Sputnik. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Жом қишлоғида селдан зарар кўрган бино ва иншоотларнинг қурилиш ва таъмирлаш ишларига 7 млрд. сўм маблағ талаб этилиши аниқланди. Бу ҳақда zarnews.uz хабар берди.

Қашқадарёда кучли сел келиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди

Хабарда айтилишича, бугунги кунда талофат кўрган хонадон ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари жадал йўлга қўйилди. Талаб этиладиган маблағлар маҳаллий бюджет ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.

Ушбу қишлоқларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш, ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини жорий йилнинг 1 августига қадар фойдаланишга топширилиши таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 майдан 16 майга ўтар кечаси кучли сел келиши оқибатида  71 та, шундан 49 та Гирдиқўрғон, 10 та Жом, 7 та Тегирмонбоши ва 5 та Омондара маҳаллаларидаги аҳоли хонадонлари ва томорқаларига зарар етган эди.