ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Бухорода 17 анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивали бошланди, деб хабар берди Спутник Ўзбекистон мухбири.
Уч кун давомида кўҳна ва боқий Бухоронинг диққатга сазовор манзиллари бўйлаб ўтказиладиган фестивал бу йил 17 бор ўтказилмоқда. Эрта тонгдан кўҳна "Арк" қўрғонидан бошланган тадбирлар "Лаби ҳавуз" айсамбилига кўчди.
"Мазкур ансамбил атрофига 3 минга яқин иштирокчилар, дунёнинг 30дан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган сайёҳлар ва меҳмонлар ҳозир бўлишди, тадбирни Бухоро шаҳар ҳокими К.Камалов очиб берди", — дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги хабарида.
Лойиҳа замирида ўзбек халқининг асрий урф-одатлари, миллий ҳунармандчилик ва амалий санъати,мусиқа,рақс,халқ оғзаки ижоди, бой маданий меросини сақлаш, уни қайта тиклаш ва хорижда кенг тарғиб этишдек олийжаноб мақсад мужассам.