Эрдўғоннинг ўғли Ўзбекистонга келди

Билол Эрдўғоннинг Ўзбекистонга келишидан асосий мақсади – икки мамлакат орасида спорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Бугун эрталаб Туркия Ёшлар фонди Олий кенгаши аъзоси Нажмиддин Билол Эрдўғон бошчилигидаги Туркия делегацияси Ўзбекистонга келди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Олимпия қўмитаси раҳбари Умид Ахмеджанов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакрам Исроилов ва Туркиянинг Ўзбекистондаги  элчиси Ахмет Башар Шен кутиб олишди.

Ташрифнинг асосий мақсади – спорт соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш йўли билан Туркия ва Ўзбекистон орасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдир.

Ўзбекистон ва Туркия савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиши мумкин

Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг меҳмонлар учун пойтахт бўйлаб экскурсия ташкил қилинди. Туркия делегацияси Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройига, Ислом Каримов  мемориал мажмуаси ҳамда Амир Темур хиёбонига ташриф буюришди.

Куннинг иккинчи ярмида Туркия делегацияси тезкор поездда Самарқандга йўл олади. У ерда меҳмонлар камондан ўқ узиш бўйича “Халқаро Фетих кубоги” турнири доирасида Регистон майдонида бўлиб ўтадиган анжуманда иштирок этишади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия президентининг ўғли Нажмиддин Билол Эрдўғгон этноспорт бўйича умумжаҳон конфедерацияси раҳбари ҳамда камончилар Фонди васийлик кенгаши раиси лавозимида ишлайди.