ЕИ делегацияси Ўзбекистон билан ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим 1996 йилда имзоланган ва 1999 йил 1 июлдан кучга кирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Европа Иттифоқи Кенгашининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер  Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида музокара ўтказди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, турли даражаларда эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини муҳокама қилди.

“Алоҳида эътибор Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим, шунингдек, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалаларига қаратилди”, - дейилади ТИВ хабарида.

Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим 1996 йилда имзоланган ва 1999 йил 1 июлдан кучга кирган.

Евроиттифоқнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси 2012 йилда очилган. ЕИнинг 2014-2020 йилларда Ўзбекистонга берадиган молиявий ёрдами ҳажми 168 миллион евро этиб белгиланган. Бу маблағ суғориш тизимини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, ҳудудларда янги иш ўринларини яратишга йўналтирилади.