Собиқ ректор Аллақулов Ўзбекистон ҳукуматидан ўз лавозимига қайта тиклашларини сўрамоқда

Термиз давлат университети собиқ ректори Аллақуловга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар Ўзбекистон республикаси ҳудудларида жойлашган 14та судларда, хусусан, Олий судда ҳам кўриб чиқилган ва судьяларнинг барчаси Аллақуловни ҳақ деб, оқлов ҳукмини қабул қилган. Шундай бўлса-да, собиқ ректор ўз лавозимига қайта тикланмаган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. 2002-2004 йилларда Термиз давлат университетининг (ТерДУ) ректори бўлиб фаолият кўрсатган, иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов ўз лавозимига қайта тикланиш ниятида. Бу ҳақда у Спутник Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Ўзбекистоннинг 16 олий ўқув юртида сиртқи ва кечки бўлимлар очилади
Аллақуловнинг айтишича, ректорлик фаолияти мобайнида Термиз Давлат университетида содир этилган ноқонунийликларга, университет ва унинг атрофидаги коррупцияга ваколати доирасида қарши курашиб чек қўйганлиги учун манфаатдор гуруҳлар ва шахслар унга туҳмат қилган, прокуратура органлари эса адолатсизлик қилган.

Аллақуловнинг сўзларига кўра, тест синовларида мутлақо қатнашмаган ёки етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар университетда ноқонуний ўқитилиб, уларга ноқонуний дипломлар бериб келинган. Аниқланишича, бундай "талабалар" сони 917 нафарни ташкил этган.

Бундай талабалар таркибида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимларининг фарзандлари ва қариндошлари бўлган.

Бу ноқонуний ўқитилиб келинаётган талабалар ҳақида Аллақулов юқори идораларга маълумотномалар тақдим этган, аммо муаммо ҳал этилмасдан очиқ қолдирилган. Шу муаммони кўтариб чиққанлиги учун унинг ўзини энг охирги одам этиб айбламоқчи бўлишган.

Аллақуловнинг айтишича, унинг ректорлик даврида талабаликга қабул қилишда адолатли усул қўлланилган ва абитуриетнлар қатъий баллар кетма-кетлигида қабул қилинган.

Бу борада маҳаллий ОАВлари орқали баллар бўйича мунтазам эълонлар бериб борилган.

Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув юртлари танқид остига олинди
"Абитуриентларнинг яшаш манзилларига шошилинчномалар юборилди. Акс ҳолда, 168 балл тўплаган бир ёқда қолиб, 68 балли "даъвогар"ларнинг омади чопган бўларди. Бу усул ҳам уларга ёқмади. Чунки, бу усул мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларида жорий этилгудек бўлса, уларнинг "тор" манфаатлари йўлига тўсиқ бўлар эди", — деди суҳбатдош.

Аллақулов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳимоясида университетнинг мансабдор шахслари, фирма ва банк муассасалари раҳбарлари томонидан университетнинг расмий курсда 600 минг АҚШ долларига тенг талон-тарож қилинган пулларини университетга қайтартирганини қўшимча қилди.

Юқорида каби ишлари бу ғайриқонунийликдан манфаатдор гуруҳлар, шахслар манфаатларига зид келганлиги учун Аллақуловга нисбатан шундай жиноят ишлари қўзғатилган.

Термиз давлат университети собиқ ректори Аллақуловга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида жойлашган 14та судларда, хусусан, Олий судда ҳам кўриб чиқилган ва судьяларнинг барчаси Аллақуловни ҳақ деб, оқлов ҳукмини қабул қилган. Шундай бўлса-да, собиқ ректор ўз лавозимига қайта тикланмаган.

Бугунги кундаги ректорликка қайта тикланиш қарорини изоҳлар экан, Аллақулов шундай деди:

Миллий университетга икки йил давомидаги учинчи ректор тайинланди
"Менинг ректорлик давримда талабаларнинг фан олимпиадалари бўйича 59-ўринда турган Термиз университети вилоятлар ичидаги олий ўқув юртлари ўртасида 1-ўринга кўтарилган. Термиз давлат университети талабалари таркибидан спорт бўйича Осиё чемпионлари етишиб чиққан. Университетда кўплаб фан номзодлари ва фан докторлик диссертациялари ёқланган. Университет профессор ўқитувчилари Олий ва ўрта махсус вазирлигининг грифи билан 13та фандан дарслик ва ўқув қўлланмалари ёзиб, республикадаги барча олий ўқув юртларига дарслик ўқув қўлланмалари сифатида жорий этилган. Талабалар, магистрантлар халқаро грантларни ютиб, Японияда олий ўқув юртларида ўқиш учун кетган. Университет Жанубий Корея, Голландия, Россия ҳатто Австралия олий ўқув юртларида малака оширган ва тўғридан-тўғри халқаро алоқалар ўрнатилган. Университетнинг барча кафедралари, деканатлари интернет тизимига уланиб, электрон почталар орқали алоқалар йўлга қўйилган эди, ундан ташқари электрон кутубхоналар ташкил этилган ва энг асосийси, талабаларга субтитрли маърузалар ўқиш йўлга қўйилган эди. Профессор-ўқитувчиларнинг ижодий меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш учун университетда устама табақалаштирилган иш ҳақлари жорий этилганди".

Аллақуловнинг мақсади, ректорлик лавозимига тикланиш орқали топталган шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйини, жамоатчилик орасида тўкилган обрўйини тиклаш ва мамлакатдаги илм-у маърифат ва таълим жараёнини ривожига ҳисса қўшиш, Ўзбекистонда дунё миқёсидаги рақобатбардош кадрларни тайёрлашга ўзининг тажрибаси, илми ва ташкилотчилик қобилиятини кўрсатиш.

"Менга нисбатан адолатни қарор топтириш бўйича Муҳтарам президентимиз ва давлат арбоблари номларига 12 маротаба мурожаатлар тақдим этдим. Аммо бу мурожаатномаларим президентимизнинг эътиборига етказилмаган, деган фикрдаман. Президент Шавкат Мирзиёевдан аввалги ишим, ректорлик лавозимига тиклашни шу орқали шаъним, қадр-қимматим, ишчанлик обрўйим тикланишига эътибор қаратишини ва менга нисбатан адолатни узил-кесил қарор топтиришда ёрдам беришини сўрайман", — деб суҳбатга якун ясади Аллақулов.