Шавкат Мирзиёев аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиқди

Қуролли кучлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир вақтда, президент аскарларнинг маънавий тарбиясига ҳам эътибор қаратди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 май – Sputnik. Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 20 май куни Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмлардан бирига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Қуролли кучлар энг замонавий техника билан жиҳозланаётган, озиқ-овқат сифати яхшиланаётган, давлат томонидан кўплаб имтиёзлар берилаётган ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бир вақтда, Шавкат Мирзиёев аскарларнинг маънавий тарбиясига ҳам эътибор берди. Хусусан, президент аскарларнинг қандай китоб ўқигани билан қизиқди.

“Ҳарбий хизматчиларнинг бир дақиқа вақтиям бекор ўтмаслиги керак. Жисмоний машғулотлар билан бирга ҳар куни ўқиши, чет тилини ўрганиши, дунёқарашини кенгайтириши зарур. Ватан ҳимоячиси деган номга ҳар куни муносиб бўлиши керак”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Хабарда айтилишига кўра, ҳарбий қисмда шахсий таркибнинг жанговар маҳоратини ошириши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Дам олиш кунларида бу ерда олимлар ва санъаткорлар билан учрашувлар ўтказилади, спектакллар намойиш этилади. 

Шавкат Мирзиёев шу ерга тўпланган аскарлар, зиёлилар билан суҳбатлашди.

“Армияни моддий жиҳатдан таъминлаяпмиз, замонавий техника ва аслаҳалар билан қуроллантиряпмиз. Аммо шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлигига етарлича эътибор берилмаяпти. Жисмоний ва жанговар ҳолатни синовдан ўтказиш бўйича полигонлар, машғулотлар бор. Худди шундай, аскарлар маънавияти, руҳан бақувватлиги бўйича ҳам катта тайёргарлик бўлиши керак”, — деди президент.

Ташриф якунида, Шавкат Мирзиёев соҳа мутахассисларига ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-руҳий тайёргарлигини оширишга доир қарор ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.