Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ФБР "йўл харитаси"ни имзолади

Ўзбекистон президентининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида Бош прокурор Отабек Муродов АҚШнинг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида учрашувлар ўтказди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ФТБ(ФБР) ўртасида ўзаро англашув Меморандумини амалга ошириш юзасидан "Йўл харитаси"ни имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот-хизмати. Англашув Меморандуми 2017 йилнинг декабрида Вашингтонда имзоланганлиги қўшимча қилинган.

Ўзбекистон президенти ва Пентагон раҳбари ўртасида учрашув қандай ўтди
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи доирасида Бош прокурор Отабек Муродов томонидан АҚШнинг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида учрашувлар ўтказилган.

"АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Махфий хизмати маъсул ходимлари билан учрашувда ўсиб бораётган таҳдид ва мазкур турдаги жиноятларнинг трансмиллий хусусиятини инобатга олган ҳолда валютага оид жиноятлар, қалбаки пул белгилари ва бошқа тўлов воситаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди", — дейилади хабарда.

Хусусан, Адлия департаментида АҚШ Бош прокурори ёрдамчиси Б.Шварц билан бўлиб ўтган учрашувда жиноятчиликка қарши кураш ва тергов борасида ўзаро ёрдам кўрсатиш соҳасида хамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Департамент вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-хуқуқ ислоҳотлари, 5 йиллик ривожланиш Стратегияси, нисбатан қисқа давр ичида эришилган жиддий ютуқлар тўғрисида маълумот берилган. Америка тарафи томонидан янгиланишларга ижобий баҳо берилиб, АҚШ Адлия Департаменти ва Ўзбекистон Бош прокуратураси олдига қўйилган умумий вазифаларни инобатга олган ҳолда ўзаро хамкорликни мустаҳкамлаш зарурати ва бунга қатъий тайёргарлик ифода этилган.

Шунингдек, Адлия Департаментининг OPDAT ва ICITAP дастурлари доирасида жиноий таъқиб ва кадрларни ўқитиш соҳасида салоҳиятни ошириш юзасидан кўмак кўрсатишга оид ўзаро хамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

2018 йил 15 мартда Тошкентда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳамда Махфий хизмат ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандумининг ижросини амалда таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинган.