Кубадаги авиаҳалокат тафсилотлари: 3 аёл тирик қолди, 107 киши ҳалок бўлди

Cubana de Aviacion компаниясига қарашли Boeing 737 йўловчилар самолёти Гавана аэропортидан учгач бир неча сониядан кейин ҳалокатга учраган. Унинг бортида 110 киши бўлган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Boeing 737-200 самолети Гаванада ҳалокатга учради. Самолёт бортида 104 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзолари — жами 110 киши бўлган. Уч нафар аёл тирик қолишга муваффақ бўлган. Улар ўта оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётишибди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Шавкат Мирзиёев Куба раҳбарига ҳамдардлик билдирди
Cubana de Aviacion компанияси Мексиканинг  Global Air компаниясидан ижарага олган Boeing 737-200 самолёти ҳавога кўтарилгач бир неча сониядан сўнг ҳалокатга учради. Самолёт Гаванадан Ольгинга рейсни амалга ошираётган бўлган. У Хосе Мартини халқаро аэропорти ва Гаванага яқин бўлган Сантьяго-де-лас-Вегас шаҳар олди ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги экинлари устига қулаган.

Йўловчилар орасида беш нафар чет элликлар бўлган, қолган йўловчилар кубаликлар. Экипаж аъзолари Мексикадан бўлган.

Кейин олинган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг икки нафари аргентиналиклиги аниқланган.

Гувоҳларнинг айтишича, самолёт ҳавога кўтарилганидан кейин аэропортга қайтишга ҳаркат қилган, аммо электрузатгич линияларига бориб урилган. Уларнинг сўзларига кўра, илк қутқарувчилар ҳодиса жойига ҳалокатдан кейин 12 дақиқа ўтгач етиб келишган.

Айни вақтда Гаванадаги Хосе Марти аэропортининг барча терминаллари ўз ишини давом эттирмоқда.

Ҳодисадан кейин тўрт киши тирик ҳолатда аниқланган — бир эркак ва уч аёл. Эркак касалхонага олиб кетилаётган маҳалда жон берган, аёллар оғир аҳволда Каликсто Гарсия номидаги касалхонанинг жонлантириш бўлимига келтирилган.

Жароҳатланганларда кўплаб синишлар, шишлар ва куйиш ҳолатлари аниқланган. Уларга реаниматологлар, жарроҳлар, неврологлар, ортопедлар ва бошқа мутахассислар ёрдам кўрсатмоқда.

Мексика Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, самолётнинг ёши 39да бўлган. У 1979 йилда ишлаб чиқарилган ва фаолият кўрсатиш учун барча зарур рухсатномаларга эга бўлган.

Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгаши раиси Мигель Диас-Канель авиаҳалокат ҳолати бўйича тергов ишлари олиб борилиши ҳақида баёнот берган ва ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилган. Қора қутилар ҳозирча топилмаган.

Шу пайтгача олинган маълумотларга кўра, техник носозлик авиаҳалокат сабаби сифатида тахмин қилинмоқда.

Куба Давлат кенгаши мамлакатда расман мотам эълон қилди. 19 май куни эрталабки 6дан 20 май ярим тунга қадар барча ҳукумат органлари ва ҳарбий объектларда байроқлар туширилган ҳолатда бўлади.

Ҳодиса туфайли Куба давлати Ҳукуматига Ўзбекистон, Россия, Мексика, Франция, Беларус, Венесуэла, Испания ва бошқа кўплаб мамлакат раҳбарлари ўз ҳамдардлик телеграммаларини йўллаганлар.