Президент Андижондаги янги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишмоқда

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи давомида янги ишга туширилган корхоналарда бўлиб, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида Андижон тумани Хакан қишлоғидаги "Milana teхtilе" трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида бўлди.

Мазкур корхонани ташкил этиш лойиҳаси давлат раҳбарининг Андижон вилоятига ўтган йилги ташрифи чоғида тақдим этилган эди.

"Milana teхtilе" масъулияти чекланган жамияти томонидан 7 миллиард сўм ўз маблағи ва "Алоқабанк" вилоят филиалидан олинган 2 миллиард сўм кредит эвазига уч қаватли бино реконструкция қилиниб, Туркия ва Хитойдан замонавий тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди",- деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Бугунги кунда корхонада аёллар ва болалар учун 20 турдан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Тумандаги 200 нафардан ортиқ қишлоқ хотин-қизлари доимий иш ўрнига эга бўлди.

На текстильном предприятии Milana teхtilе в селе Хакан Андижанского района

Президент корхона фаолияти билан танишди, ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди.

"Сизларнинг кўзларингизни кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Қиз боланинг кулгуси, ҳаётдан розилиги — оиланинг бахти", — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шунингдек, Андижон тумани Хортум қишлоғидаги "Zamin Bio Health" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур завод йилига 10 миллион флакон инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга.

Қандли диабет касаллигини даволашда қўлланиладиган бу дори воситаси Ўзбекистонга четдан келтирилади. Заводнинг ишга туширилиши билан ушбу дори воситаси импорти ҳажми камаяди, валюта тежалади.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, мазкур дорининг нархи пасаяди.

"Масалан, ҳозирги пайтда бир флакон инсулиннинг бозор нархи 36 минг сўм бўлса, мазкур корхона бу дорини 20 минг сўмдан етказиб бериши мумкин", — дейилади матбуот хизмати томонидан.

"Бу жуда долзарб ижтимоий аҳамиятга эга масала, — деди Шавкат Мирзиёев. — Инсулинга эҳтиёжи бор бемор дори тополмаса, ҳаёти хавф остида қолади, ҳеч қачон рози бўлмайди. Бундай дориларнинг нархини пасайтириш, ҳамма жойга вақтида етказиб туриш керак. Одамлар шуни сезсин".

Президент маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бозорга кириб, рақобатбардош бўлгунча уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, дори субстанцияларини рўйхатдан ўтказишда кўмаклашиш бўйича топшириқлар берди.