ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бўлими ходимлари пора эвазига автомобил таклиф қилган шахсни қўлга олиш бўйича операция ўтказди. Бу ҳақда Тошкент ШИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Пойтахтлик икки шахс "Нексия-3" русумли автомобилни 3 минг доллар устама ҳақ эвазига қисқа муддатда етказиб беришни таклиф қилгани, улардан бири бевосита шу соҳага алоқадор шахс эканлиги аниқланган", — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Олиб борилган тезкор тадбир натижасида талаб қилинган суммани олаётган вақтда ижтимоий фондлардан бирининг ишчиси, 63 ёшли Аброр.Г ҳамда унинг шериги — "Ўзавтотеххизмат" МЧЖ автосалонларидан бирининг директори Муҳаммадали.У (исмлар ўзгартирилган) қўлга олинган.
Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-модда 2-қисми ("фирибгарлик") ва 211-модда 2-қисми ("пора бериш") бўйича жиноят иши қўзғатилди.