Жаҳон банки Ўзбекистонга 940 миллион доллар ажратди

Ажратилган маблағлар Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш бўйича янги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Куни кеча Бутун жаҳон банки ва Ўзбекистон умумий миқдори 940 миллион долларлик кредит шартномасини имзолашди, деб хабар қилди Sputnik мухбири.

Шавкат Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири билан қандай масалаларни муҳокама қилди

Бу келишувлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи доирасида Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким учрашув чоғида имзоланди.

Ажратилган маблағлар Ўзбекистонда боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молиявий консултатив хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича янги лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

Бу кредитлар Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳа портфелини 2,8 миллиард долларга кўпайтирди. Бугунги кунда у транспорт, таълим, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва сув таъминоти лойиҳаларни ўз ичига олади.

"Мен Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг кўлами ва самарадорлигидан мамнунман. Жаҳон банки гуруҳи республиканинг самарали ривожланиш дастурига ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан ўзбек халқи келажагини янада яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга экспертлик ва молиявий кўмак беришни давом этади", — деди Джим Ёнг Ким.

Бундан ташқари, Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молиявий корпорация (IFC) билан маслаҳат бериш хизматлари тўғрисида битим имзоланди.

Бу ташкилот Ўзбекистондаги қуёш электростанцияларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва ишлатиш, хусусий инвесторларни жалб қилиш учун давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмак беради. Шунингдек, корпорация бу каби лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 миллиард долларгача инвестиция жалб қилишга кўмак беради.

Яна бир имзоланган ҳужжат — Жаҳон банки ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро англашув меморандуми бўлиб, у икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Дональд Трамп кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этди

"Ўзбекистон тўғри йўлда. Республикада олиб борилаётган мардонавор иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва давлат институтларини мустаҳкамлаш ишлари хусусий сектор инвестицияларини жалб қилиш, иш ўринларини яратиш, шунингдек мамлакатни Марказий Осиё ва жаҳоннинг етакчи иқтисодиётига айлантиришга ёрдам беради. Мен Ўзбекистоннинг барча фуқароларига фойда келтирадиган кейинги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайман", — деб таъкидлади Джим Ёнг Ким.

Таъкидлаш жоизки, Жаҳон банки гуруҳи ҳозирги пайтда Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика билан ҳамкорлик қилиш концепциясини қайта кўриб чиқмоқда.

Банк вакилларининг сўзларига кўра, банкнинг асосий вазифаси — Ўзбекистонда бозор иқтисодиётини қуриш, давлат институтларини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг қарор қабул қилишда иштирокини кенгайтириш ва мамлакатда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада ривожлантиришга инвестициялар ажратиш борасида Ўзбекистонга кўмаклашишдир.