Ўзбекистон ИҲТнинг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади

Ғазо минтақасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан Туркия ИҲТнинг навбатдан ташқари саммитини чақирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация 18 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ғазо минтақасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан Туркия ИҲТнинг навбатдан ташқари саммитини чақирди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Туркиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен билан учрашув бўлиб ўтди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилмоқда

"Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги делегация иштирок этиши элчига расман маълум қилинди", — дейилади хабарда.

Душанба куни Ғазо минтақасида АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишига қарши норозилик намойишлари бошланди. Исроил ҳарбийларининг намойишчиларга қарши ўқ узишлари оқибатида 61 фаластинлик ҳалок бўлди. Фаластин ва Туркияда мотам эълон қилинди.