Трамп Ўзбекистон мезбонлик қилаётган кеча иштирокчиларига ўз саломини йўллади

Дональд Трамп Ўзбекистон президентининг АҚШга расмий ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаат йўллади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. АҚШ президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи муносабати билан ўтказилган қабул маросими иштирокчиларига мурожаат йўллади, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Дональд Трампнинг мурожаати матнини қуйида ҳавола қиламиз:

Бугунги оқшомда Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева мезбонлик қилаётган қабул маросимида иштирок этаётганларга ўз саломларимни йўллайман.

Америка халқи номидан Президент Мирзиёевга унинг Оқ уйга амалга оширган тарихий ташрифи учун миннатдорлик билдираман. Марказий Осиёда мураккаб масалалар ва ҳамкорлик бўйича янги имкониятлар пайдо бўлаётган бир пайтда мулоқотимиз стратегик шериклигимизни янгилашга ёрдам берди. Мен Американинг минтақадаги таъминот йўлларини қўллаб-қувватлаш учун Президент Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва Афғонистон билан алоқаларни яхшилашга қаратилган иқтисодий лойиҳаларни сармоялашга бўлган сафарбарлиги учун у раҳбарлик қилаётган мамлакатга ҳурматимни изҳор қиламан.

Президент Мирзиёев мени ишонтириб таъкидладики, Ўзбекистонда катта мақсадларни кўзловчи ислоҳотлар дастури бардавом ва муқаррардир. Мен амниканки, Президентнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратаётган эътибори унинг халқи ҳаётини янада улкан фаровонлик ва барқарорликка етаклайди. Биргаликда биз Ўзбекистонда ҳисобдорлик ва шаффофлик масалаларини янада яхшилай оламиз. Бу эса Америка компанияларининг фаолияти учун замин ҳозирлаб, мамлакатларимиздаги бандликни оширишга ёрдам беради.

Мелания ва мен Президент Мирзиёев ва Биринчи хоним Зироат Мирзиёевага Америка Қўшма Штатларига қилган унутилмас ташрифлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз. Биламан, бу янгиланган ҳамкорлигимиз ва бизнинг икки мамлакат олдидаги янада ёрқин келажакнинг бошланиши холос.

Дональд Трамп, АҚШ Президенти.

2018 йил 16 май.