Дунё сиёсатчиларининг Трамп билан “қўл жанглари”

АҚШ президенти қўл бериб кўришганида кўришаётган одамни ўзига тортиш одати бор.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг қўл сиқиши билан машҳур, у қўл бериб кўришганида кўришаётган одамни ўзига тортиш одатига кўпчилик эътибор берган, деб ёзади Sputnik Тожикистон.

Трампнинг қўл бериб сўрашишлари билан боғлиқ бир нечта кулгили вазиятлар ҳам содир бўлган.

Ўтган йили Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Дональд Трамп билан “қўл жанги”да ғолиб бўлганди.

Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган мусулмон давлатлари ва АҚШ саммитида Раҳмон Трампни ишонч билан ўзига тортган ва унинг “қопқони”га тушмаганди.

Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонга расмий ташриф билан келди. Оқ уйда икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Америка етакчиси Ўзбекистон президентини Оқ уй остонасида кутиб олди ва улар қўл бериб сўрашишди.

Трамп Мирзиёев билан қўл бериб сўрашиш жараёнида одатига хилоф равишда Ўзбекистон президентининг қўлини силтаб ўзига тортишга уринмади. Оқ уйдаги тантанали нутқдан сўнг ҳам президентлар қўл бериб сўрашишди, лекин барчаси рисоладагидек ўтди.