Дональд Трамп кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этди

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида 2002 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияга янгича суръат бағишлаш мақсадида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистоннинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига қатъий содиқлигини таъкидлади. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига асосан.

Шавкат Мирзиёев Изро Малаковга "Ўзбекистон халқ артисти" унвонини топширди

Шунингдек, у Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган улкан ютуқларни эътироф этди.

Президентлар кенг жабҳадаги ўзаро устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида 2002 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияга янгича суръат бағишлаш мақсадида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга келишиб олди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган прогресс орқага қайтмаслик хусусиятига эга эканлигини таъкидлади. У давлат органлари халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари лозимлигини қайд этди.

Ўзбекистоннинг беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимой соҳани ривожлантириш ҳамда очиқ ва конструктив ташқи сиёсат олиб боришга хизмат қилишини таъкидлади.

"Президент Дональд Трамп терроризмга қарши курашишда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан азалий шериклигини қайд этиб ўтди. 2001 йил 11 сентябрдаги мудҳиш воқеалардан сўнг Ўзбекистон АҚШга ўта муҳим логистик имкониятни тақдим этганлиги ҳамда "Ал-Қоида" террорчиларини Афғонистондан сиқиб чиқаришда кўмак кўрсатганлигини таъкидлади", — дейилган ТИВ хабарида.

Шавкат Мирзиёев ташриф давомида АҚШ президентининг Жанубий Осиё бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, масъулиятни тақсимлаш ва минтақавий хавфсизлик масалаларини ҳал этиш, шу жумладан, Афғонистонда барқарорликни таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташаббуслари муҳокама этилди.

Дональд Трамп кучли ва мустақил Марказий Осиёнинг муҳимлигини қайд этди ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган конференцияда илгари сурган Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг ҳамкорлик мулоқоти йиғилишини ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қарши олди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича муҳим шартномалар имзоланди

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил март ойида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учрашувида иштирок этганлиги, бу минтақалараро савдони ривожлантириш ва хавфсизликка оид таҳдидлар бўйича биргаликдаги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун янги имкониятлар очиб берганлиги қайд этилди. Дональд Трамп ушбу муҳим мулоқотда Ўзбекистон асосий рол ўйнашини эътироф этди ҳамда Қўшма Штатлар "С5+1" минтақавий формати орқали ҳамкорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Президентлар Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги кўп томонлама ҳамкорлик форматларида иштирок этишини қўллаб-қувватладилар.