Миллий банк ва АҚШ Эксимбанки ўртасида ҳамкорлик тикланди

Ҳужжат АҚШдан Ўзбекистонга юқори технологик жиҳозларни етказиб беришни кўзда тутувчи йирик давлат компаниялари ҳамда кичик ва хусусий бизнес лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва АҚШнинг Экспорт-импорт банки 100 миллион доллар миқдоридаги ўзаро англашув Меморандумини имзолади. Бу ҳақда Миллий банк матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат 16 май куни Вашингтонда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида имзоланди.

Меморандумда савдони молиялаштириш ҳамда АҚШдан Ўзбекистонга маҳсулот ва хизматлар экспортини молиялаштириш учун ўрта ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этиш бўйича Эксимбанк билан ҳамкорликни тиклаш кўзда тутилган.

Ҳужжат шунингдек, АҚШдан Ўзбекистонга юқори технологик жиҳозларни етказиб беришни кўзда тутувчи йирик давлат компаниялари ҳамда кичик ва хусусий бизнес лойиҳаларини молиялаштириш имконини беради.