Араб давлатлари лигаси Қуддус бўйича резолюция лойиҳасини маъқуллади

Илгарироқ панараб ташкилоти Исроил армияси томонидан фаластинлик намойишчиларга қарши куч ишлатилишини кескин қоралаб, Вашингтоннинг элчихонани кўчириш бўйича ҳаракатларини ноқонуний деб атаган эди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 май — Sputnik. Араб давлатлари лигаси (АДЛ) доимий вакиллар даражасида Қоҳирада ўтказилган мажлис давомида панараб ташкилотига аъзо давлатлар ТИВ раҳбарлари эътиборига тақдим этиладиган резолюция лойиҳасини маъқуллади, деб хабар қилди пайшанба куни Саудия Арабистонининг АДЛдаги доимий вакили Усама Накли.

Гватемала АҚШга тақлид қилиб ўз элчихонасини Қуддусга кўчирди

"Бугун пайшанба куни ТИВ раҳбарлари фавқулодда мажлисида кўриб чиқиладиган ва қабул қилинадиган резолюция лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бир овоздан маъқулланди", — деди суадиялик дипломат. Шу билан бирга у резолюция тафсилотларини очиқламаган ва фақатгина ҳужжат араб давлатларининг Қуддус бўйича барчага маълум бўлган позициясига асосланганлигини қайд этиб ўтган.

АДЛнинг расмий вакили Хусам Заки ўз навбатида, ташкилот котибиятига АҚШнинг элчихонани Қуддусга кўчириш бўйича қарорига қарши туриш учун қатор чоралар мажмуини ишлаб чиқиш топширилганини маълум қилган.

Араб давлатлари лигаси АҚШ элчихонасининг Қуддусга кўчирилиши, шунингдек, оммавий норозилик намойишларидан кейин Ғазо секторидаги вазият юзасидан чоршанба куни ташкилотга аъзо мамлакатларнинг доимий вакиллари даражасида навбатдан ташқари мажлисни ўтказмоқда. Пайшанба куни Қоҳирада араб давлатлари ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари тўпланадилар.

Илгарироқ панараб ташкилоти Исроил армияси томонидан фаластинлик намойишчиларга қарши куч ишлатилишини кескин қоралаб, Вашингтоннинг элчихонани кўчириш бўйича ҳаракатларини ноқонуний деб атаган эди.