Сеулдаги Ўзбекистон ёки пахтани ҳурмат қилиб, зирани ёқтирмайдиган кореяликлар

Sputnik мухбири Сеулда Ўзбекистон боғлиқ кўп нарсаларга, ҳаттоки ҳақиқий тандир сомсага ҳам дуч келди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik, Ксения Набаткина. Агарда Жанубий ва Шимолий Корея ўртасидаги демилитаризация зонасидаги Тинчлик боғида ўрнатилган кўрсаткичга ишонадиган бўлсак, бу нуқтадан Ўзбекистонгача бўлган масофа 4862 километрни ташкил этади. Аммо Сеулда шундай жойлар борки, у ерларда бўлсангиз Тошкент ёки Самарқанд анчагина яқиндек туюлади.

Пахта гўзаллик учун

Жанубий Корея косметика ишқибозлари учун жудаям оммабоп давлат: бу ерда юзлар учун кўплаб турдаги ниқоблар, кремлар ва бошқа нарсаларни топиш мумкин. Кўпинча бу пардоз воситалари мушукча, айиқча ёки яна бошқа жониворлар сурати туширилган идишларга қадоқланган бўлади. Аммо айрим идишларда жониворлар эмас, балки ўзбекистонликларга яхши таниш бўлган оппоқ бўлиб очилиб турган пахта чаноғи тасвирланган.

Пахта экстракти ёки пахта мойи асосида тайёрланган косметика воситалари нафақат Кореяда, балки бошқа давлатларда ҳам анчагина оммалашган — замонавий тиббиёт ва косметология пахта мойининг фойдасини аллақачон тан олган. Пахта мойи таркибида сочлар ва терига фаол таъсир кўрсатадиган тўйинмаган ёғ кислоталари мавжуд: миристин кислотаси косметика воситаларининг терига яхши сингишига ёрдам беради, рахин кислотаси — шамоллашга қарши самарали восита, пальмитин кислотаси терини ёшартиради, линол кислотаси теридаги сув мувозанатини сақлаб туради ва уни ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади.

Букет

Крем ва ниқоблар таркибидаги пахта мойи тери тузилишини яхшилайди, унинг ҳимоявий хусусиятларини оширади, деб таъкидлашади ишлаб чиқарувчилар.

Таркибида пахта экстракти бўлган косметика воситалари майинлик бахш этади, терини юмшатади ва текислайди.

Сеулда пахта чаноқларини крем банкаларида эмас, Жанубий Кореяда оммабоп бўлган сунъий ёки қуритилган гуллардан иборат гулдасталар ичида ҳам учратиш мумкин.

Ўзбекларнинг Ипак йўлидаги излари

Ўзбекистон билан боғлиқ эслатмаларни Сеулдаги косметика дўконларидан ташқари Корея Миллий музейида ҳам учратиш мумкин. Музейнинг 12 мингдан ортиқ экспонатлари орасида Марказий Осиёга бевосита тааллуқлиларини топиш мумкин. Учинчи қаватда денгиз ва қуруқлик орқали ўтган Ипак йўлига бағишланган заллар бор. Бу залларда асосан Шарқий Туркистон — Марказий Осиёнинг ҳозирда Хитой таркибида бўлган туркий халқлари яшайдиган ҳудудига оид экспонатлар жой олган.

Карта Узбекистана

 

Музей залларида шунингдек, Қозоғистон ва Туркманистондан келтирилган экспонатларyи ҳам учратиш мумкин.

Дарвоқе, Корея Миллий музейи — Осиёдаги энг кўп одам ташриф буюрадиган музей. У йилига 3 миллиондан ортиқ меҳмонларни қабул қилади. Майдони бўйича у жаҳондаги олтита энг йирик музей қаторига киради — музей майдони 137 201 квадрат метр. Сеулдаги аксарият музейларда бўлгани каби унга кириш бепул.

Сеулдан Самарқандга бир лаҳзаада

Сеулни тарк этмасдан ўзингизни ҳақиқатан ҳам Ўзбекистондагидек ҳис қилишингиз учун эса "руслар кўчаси" деб номланадиган кўчага келишингиз кифоя. Dongdaemun History & Culture Park метро станцияси яқинида жойлашган бу кўчада рус тилида ёзилган кўплаб кўплаб пешлавҳаларга кўзингиз тушади.

Узбекистан в Корее

Пешойналарда Ўзбекистон, Тожикистон, Украина ва МДҲнинг бошқа давлатлари байроқлари туширилган суратларни кўриш мумкин. Бу эса ушбу магазинларда ўз тилингда сўзлашадиган сотувчилар ишлашидан далолат беради.

"Руслар кўчаси"да ватандошларни учратишдан ташқари, овқатланиш ҳам мумкин: бу ерда кўплаб ресторан ва қаҳвахоналар жойлашган. StarSamarkand ресторани Сеулда 2003 йилдан бери ишлайди, ҳозир унинг кўчанинг турли қисмларида жойлашган тўртта зали бор.

"Ичкарида қайноқ нонлар бор", деб ўзига чорлайди асосий зал эшигига илинган кўрсаткич, ичкарида эса дарҳақиқат, катта-катта, иссиқ ва ширин ис таратаётган нонларга кўзингиз тушади. Ўзингизни гўёки бир сония ичида Сеулдан Самарқандга тушиб қолгандек ҳис қиласиз: деворларни миллий таомлар суратлари, чопонлар ва миллий чолғу асбоблари безатиб турибди, столлардаги палов ва лағмон ҳиди одамнинг иштаҳасини очади, ташриф буюрувчилар ўзбек пиёлаларида чой ичишмоқда.

Узбекистан в Корее

Касса тепасига барча маҳсулотлар ҳалол стандартига жавоб бериши ҳақидаги сертификат илиб қўйилган, касса аппарати олдида эса ресторан эгасининг ўғли, ҳозирда бошқарувчи вазифасини бажараётган Шоҳниёз Амонов ўтирибди.

"Дадам Кореяда ишлаган ва бу ерда ўзбеклар кўплиги, аммо миллий ошхона йўқлигига эътибор берган. Ўшанда ресторан очишга қарор қилган", — дейди Шоҳниёз.

Унинг айтишича, ташриф буюрувчиларнинг асосий қисми Сеулда доимий яшайдиган ёки ишлагани келган ўзбеклар ва МДҲ мамлакатлари вакилларидир. Аммо корейслар ҳам кириб туришади.

Узбекистан в Корее

Менюда самарқандча палов ҳам, тандир сомса ҳам, лағмон ҳам бор. Маҳсулотларни Кореянинг ўзидан сотиб олишади, аммо зираворларни Ўзбекистондан келтиришади.

"Зираворлардан камроқ фойдаланишга ҳаракат қиламиз, чунки корейслар зирани хушлашмайди. Зира қўшилмаган шашлик тайёрлаб кўрдик. Бизникиларга ёқмади, аммо корейслар жуда мазали деб айтишди", — жилмаяди Амонов.

Ресторанда шу ерликларга турмушга чиққан ўзбекистонлик аёллар ишлайди. Ходимлар орасида корейс фуқароси ҳам бор.

Узбекистан в Корее

"Секин-секин ўрганяпти. Уни тандир олдида кўрмабсиз — ўзбекдан фарқи йўқ", — деб кулади ресторан бошқарувчиси.

Амоновнинг айтишича, бу икки халқ орасида қандайдир умумийлик бор, масалан, ўзидан катталарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ўзбекларга ҳам, корейсларга ҳам хос хусусият.

Ўзбеклар байрамларида, масалан, Наврўз ёки Мустақиллик кунида StarSamarkand туш пайтида очилади — унгача эса эрталабдан ўзбекистонликлар бу ерда тўпланишади ва бепул паловдан баҳраманд бўлишади, биргаликда байрамни нишонлашади.

Узбекистан в Корее

"Ўзбекистонда бир йилда бир-икки марта бўламан. У ердаги барча янгиликлардан хабардор бўлишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда халқ учун жуда кўп яхши ишлар амалга оширилмоқда, шунинг учун ватандан чиқиб кетганлар у ерга қайтишни, инвестиция киритишни мўлжаллашмоқда. Барибир биз ўзбекмиз, бу ерда эмас, ўз ватанимизда бўлишимиз керак", — деб таъкидлайди Шоҳниёз.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея Ўзбекистоннинг тури соҳалар: туризм, таълим, бизнесдаги азалий ҳамкорларидан бири. Кейинги йилларда бу мамлакат Ўзбекистон иқтисодиётига ўнлаб миллиард доллар сармоя киритди.