"Ит ҳурар, карвон ўтар": Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари мустаҳкам, деди эксперт

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар кеча вужудга келган эмас. Икки халқни дўстлик алоқалари икки минг йил аввал Буюк Ипак йўли чамбарчас боғлаган. Хитой Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим давлат деб ҳисоблайди, деди Шанхай ижтимоий фанлар академияси қошидаги Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини тадқиқ қилиш маркази раҳбари
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзининг яқинлиги, барқарорлиги ва ишчанлиги билан ажралиб туради, деди Шанхай ижтимоий фанлар академияси қошидаги Россия ва Марказий Осиё мамлакатларини тадқиқ қилиш маркази раҳбари Пань Давей Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Хитой: "Бир камар, бир йўл" ташаббусини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари" мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқида.

Ўзбекистондаги Хитой элчиси "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси истиқболлари ҳақида гапирди
"Дунёда алоҳида шахслар борки, улар Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари, бизнинг муносабатларимизни қоралашни хоҳлайди. Бу ҳамиша шундай бўлган. Биз эса ўзимизга керак бўлган, зарур ишларни қилишимиз лозим. Ўзбек мақоли бор-ку: "Ит ҳурар карвон ўтар" деган. Бизнинг ишимиз фақат олдинга қадам қўймоқда", — деди Пань Давей Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларга баҳо берар экан.

Эксперт шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар кеча вужудга келмаганини, икки халқни дўстлик алоқалари икки минг йил аввал Буюк Ипак йўли чамбарчас боғлаганини айтди.

"Хитой Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим давлат деб ҳисоблайди", — деди у.

Пань Давей шунингдек, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилгач, Хитой биринчилардан бўлиб унинг мустақиллигини тан олгани ва 1992 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганини эсга олди.

"Ҳозир эса дунё тараққиётнинг янги босқичида турибди. Бунда халқаро муносабатлар чуқур қайта ўзгаришларга дуч келмоқда. Бир томондан иқтисодий глобализация, ахборотлаштириш ўсишини ва маданий хилма-хилликни кузатаётган бўлсак, иккинчи томондан реаллик бизга рўбаро турган чақириқлар, қатор жиддий ва ўз ечимини топмаган муаммоларга тўла", — деди эксперт ва "бу чуқур ўзгаришларни халқаро саҳнада қандай енгиб ўтамиз, бу чақириқларга жавоб қайтарамиз", дея ваъда берди.