"Ўзбекконцерт" Райҳон Ғаниевага унвонга муносиб ижод қилишни маслаҳат берди

Бадиий саёз қўшиқларни бир кунда ОАВларда ва интернет сайтларида тўхтатиб бўлмайди, аммо вақтлар ўтиб ҳаммаси тўғриланади, дея ваъда бермоқда "Ўзбекконцерт"
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. "Ўзбеконцерт" Кенгаши жорий йилнинг 8 май куни  хонандалар томонидан тақдим этилган қўшиқ ва видеоклипларни кўриб чиқди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райхон Ғаниева кенгашга ўзининг "Юрак" деб номланган қўшиғи ва унга ишланган клипни тақдим этган.

Энди хонандалар ётоқхона ва бошқа хосхоналарда ёнбошлаб қўшиқ айтмайди
Хамдам Собиров сўзи, Жасур Бадалбоев мусиқасига олиган ушбу клип кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилгач, қўшиқ сўзлари мантиқан мукаммал эмаслиги, ҳамда, клипда айрим кадрлардан ножоиз фойдаланилган деб топилди ва қайта ишлашга тавсия этилди. "Ёшларимиз ушбу хонанданинг қўшиқларидан хушнуд бўлишини таъкидлаб, бу мавзудаги қўшиқларнинг сўзларига жуда жиддий ёндошиш кераклиги, шунингдек, унвонга муносиб қўшиқ куйланиши зарурлиги тушунтирилиб, ушбу қўшиқни намойиш этиш учун кадрларни тўғрилаш зарурлиги таъкидланди", — дейилади "Ўзбекконцерт" хабарида.

"Ниҳол" мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева томонидан "Дард" деб номланган қўшиқнинг сўзлари ва ижроси кенгашга маъқул келган, лекин қўшиққа ишланган клипдаги кадрлардан ножоиз фойланганлиги боис, ушбу клипни қайта тўғрилаш тавсия этилган.

"Via Marokand" гуруҳи томонидан куйланган "Турист" қўшиғи матани мантиқ ва шеърият талабларига жавоб бермайди, деб топилган.

"Қўшиқ сўзларида Рам па папам тара тира тира там сўзлари шеърият талабларига жавоб бермаганлиги туфайли рад этилиб, хонандалар қўшиқ сўзларини шоирлар билан қайта тўғрилаб, қайта топшириш мумкинлиги тавсия этилди", — дейилади хабарда. 

Шу ўринда қўшиқдан бир шингил келтирилган:

Билмадим, билмадим мен ҳали дунё кўрмадим,

Бир ой бўламиз турист.

Сув ости олими Жак Ив Кусто,

Рам па папам тара тира тира там.

Сирли олам кезаман

Рим ёки Индия

Эмиратми Индонезия

Рам па папам тара тира тира там.

Ўзбекистонда "шоу-бизнес" тартибга солинади
"Уммон" гуруҳининг "Оқ гулим" деб номланган қўшиғи (сўзи ва мусиқаси гуруҳга мансуб) ҳам сўзларининг мазмунсизлиги ҳамда клипдаги кадрлардан алкоголли ичимликлар, ётоқхона саҳнасини олиб ташлаш тавсияси билан эфирларга узатиш рад этилган.

Муассаса масъулларига "Уммон" гуруҳи хонандаларини кейинги кенгашга таклиф этиш вазифаси топширилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувда миллий эстрада санъатини ҳар қандай бегона таъсирлардан, айниқса, эндигина вояга етиб келаётган ёш истеъдод соҳибларини "оммавий маданият" руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш, миллий урф-одатлар ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатларнинг зарарли оқибатларини эстрада хонандаларига тушунтириш, шунингдек ёш, иқтидорли истеъдод соҳибларига ижодий-услубий ҳамда ташкилий томондан малакали кўмак бериш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Мирзиёев ушбу учрашувда "бугун телевидение орқали берилаётган баъзи клипларни оила, фарзандлар даврасида томоша қилиб бўлмай қолганини, ҳар бир ҳаракатида ғарбга тақлид сезилиб турадиган, очиқ-сочиқ кийинган ёшларни кўриб, наҳотки шулар ҳам бизнинг фарзандларимиз, бизнинг миллатимиз вакиллари", дея таъкидлаган.

Миллий эстрадани "оммавий маданият" таъсиридан сақлаш, мазмунан саёз, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи қўшиқ ва клиплар яратилишини олдини олишда оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, давлат ва нодавлат телеканаллар ҳамда иштимоий тармоқлар интернет сайтларининг ўрни ва роли беқиёслиги ҳеч кимга сир эмас, деб таъкидлайди "Ўзбекконцерт".

Шу билан бирга, муассаса санъаткорлар томонидан савиясиз қўшиқларга ишланган видеоклипларни интернет сайтларида чеклашнинг имкони бўлмаётганини маълум қилган.

"Бизнинг бу қилинаётган ишлардан мақсадимиз кимнингдир ижодини камситиш ёки кўкка кўтариш эмас, балки асил санъатнинг яралишида ўз ҳиссамизни қўшишдир. Бадиий саёз қўшиқларни бир кунда оммавий ахборот воситалари ҳамда иштимоий тармоқлар интернет сайтларидан тўхтатиб бўлмайди, аммо вақтлар ўтиб ҳаммаси тўғриланади", — дея ваъда берган ташкилот.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, камида ҳар ўн беш кунда Муассасада санъаткорларнинг қўшиқларга ишланган ёки ишланаётган видеоклипларга ижодий кўмаклашувчи Бадиий кенгаш фаолияти йўлга қўйилди.

"Сўзнинг моҳиятини англамайдилар": Маданият вазири хонандаларни танқид қилди
Бадиий кенгаш аъзолари 15 кишидан иборат бўлиб, ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Ёзувчилар уюшмаси" раиси ўринбосари Н.Жонузоқ, "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директор биринчи ўринбосари Ш.Ризаев, Республика маънавият ва маърифат маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан масъул ходимлар, мусиқашунослар, клипмейкерлар ва санъат соҳаси намоёндалари киритилган.

Жорий йилнинг 8 майига қадар 7 маротаба Кенгаш йиғилиши ўтказилиб, Кенгашга 59 та санъаткорлар томонидан 64 қўшиқ тақдим этилган видеоклип ёзилган дискларни санъаткорлар билан биргаликда ўрганилиб, билдирилган фикр-мулоҳазалар муҳокамаси асосида хулоса ва тегишли тавсиялар берилган. "Ўзбекконцерт" хабарига кўра, шулардан одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи ҳолатлар каби камчиликлар бўлганлиги боис, эфирларга узатиш рад этилиб келинмоқда.