Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифини Ўзбекистондан 80га яқин журналист ёритади

Шавкат Мирзиёев 15-17 май кунлари Америка Қўшма Штатларига илк расмий ташриф билан боради. Оқ уй веб-сайтида бу ташриф тарихий деб аталган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифини ёритиш учун Ўзбекистондан 80 га яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилган, деб маълум қилди президент матбуот котиби Комил Алламжонов ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

"Ташрифни ёритиш учун Ўзбекистондан 80 га яқин оммавий ахборот воситалари ходимлари жалб этилган. Президент Матбуот хизмати бу воқелик ҳақида батафсил ахборот ва медиа материаллар бериб боради. Тегишли масалалар бўйича presidents_office@press-service.uz электрон почта ёки ушбу саҳифага мурожаат қилишингиз мумкин", — деб ёзади Алламжонов.

Шавкат Мирзиёев 15-17 май кунлари Америка Қўшма Штатларига илк расмий ташриф билан боради. Оқ уй веб-сайтида бу ташриф тарихий деб аталган.

Трамп Мирзиёевни 2017 йил декабрида бўлиб ўтган телефон орқали ўзаро мулоқотда АҚШга таклиф қилган эди. Март ойида йўллаган мактубида эса Ўзбекистон президентининг ташрифини "сабрсизлик билан кутаётганини" маълум қилганди.