Самарқандда янги институт ташкил этилди

2018/2019 ўқув йилида институт магистратура босқичига (50 киши) Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Самарқандда ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, қарор билан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти негизида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилиб, институт ва унинг қошидаги академик лицей Олий ва ўрта таълим вазирлиги тизимига ўтказилди.

Институтда ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрланади.

2018/2019 ўқув йилида институт магистратура босқичига (50 киши) Ўзбекистон фуқароларини қабул қилиш тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади.

Институтнинг бакалавриат босқичига қабул квотаси 800 киши, шу жумладан тўлов-контракт асосида 525 киши, давлат гранти асосида 275 киши этиб белгиланди.