ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Тошкентдаги 9 май байрамига бағишланган тадбир давомида машҳур сухандон Юрий Левитаннинг 1941 йил 22 июндаги — уруш бошлангани ва тадбир ўртасида 1945 йил 8 майдаги — СССР фашистлар устидан ғалаба қозонгани тўғрисидаги эълонни ўқиган овози жаранг топди.
Бугун Тошкентдаги Ботаника боғида Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 73 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Боғда Иккинчи жаҳон уруши муҳити вужудга келтирилган эди.
Боғнинг меҳмонлар учун дастурхон безатилган қисмида саҳна ясалган ва унинг ортидаги улкан монитор орқали ўзбек халқининг уруш йилларида кўрсатган тенгсиз қаҳрамонликлари акс эттирилган архив лавҳалар намойиш этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон санъат арбоби Туроб Тўланинг "Она монологи" янгради. Шунингдек, Ҳамид Олимжоннинг "Фашизм балоси", Зулфиянинг "Жангга кетган ўғилга", Ғафур Ғуломнинг "Сен етим эмассан" шеърларининг муаллифлардан ёзиб олинган парчалари эшиттирилди.
Туроб Тўланинг "Қасос оламиз", Камтарнинг "Фронтдан хат", Ҳабибийнинг "Кўргум келур", Ғафур Ғуломнинг "Йигит омон бўлса", Константин Симоновнинг "Жди меня", Яков Галицкийнинг "Синий платочек" шеърларига басталанган қўшиқлар янгради.