Россияда ишлашни истаганлар Ўзбекистонда комплекс имтиҳон топширади

Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштирган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида комплекс имтиҳон ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Россияда вақтинчалик ишлашни режалаштирган фуқаролар учун комплекс имтиҳон бош ваколатли олий таълим муассасалари томонидан Комплекс имтиҳон ўтказиш марказларида ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Телеграм каналида хабар берилди.

Хабарга кўра, Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишни режалаштирган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида комплекс имтиҳон ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ўзбекистон ва Россия мигрантлар учун патент олишни соддалаштирди

Айтилишича, Комплекс имтиҳон ўтказиш маркази томонидан имтиҳон топшириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланганлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари ва Марказнинг расмий веб-сайтида эълон берилади.

Эълонда имтиҳонда иштирок этишни истаган шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати, уларни қабул қилиш муддатлари, шунингдек Марказнинг манзили ва мурожаат учун телефон рақамлари кўрсатилади.

Қабул қилинган ҳужжатлар асосида Марказ директори томонидан имтиҳон ўтказиш куни ва вақти белгиланади.

Имтиҳон ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин талабгорга комплекс имтиҳон ўтказилиш куни ва вақти ҳақида ҳабар берилади.

Жорий йилда Ўзбекистон Россияга 50 мингдан ортиқ меҳнат мигрантларини юборишни режалаштирган. Иккинчи ярим йилликда рекрутинг фаолияти тўғрисида қонун қабул қилинади. Бу жараёнга хусусий компанияларни жалб қилиш натижасида мигрантларни марказлашган ҳолда жамлашни сезиларли даражада кенгайтиради.