Тошкент аэропортида болалар учун ўйин майдончаси ташкил этилади

Тошкент халқаро аэропорти маъмурияти болалар ўйин майдончаси ташкил этиш бўйича таклифлар танловини эълон қилди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти маъмурияти халқаро парвозлар аэровокзалида болалар ўйин майдончаси ташкил этиш бўйича энг яхши таклиф танловини эълон қилди.

Тошкент аэропортида текширувлар вақти 1,5 соатга қисқарди

Ўйин майдончаси энг камида қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим: майдони 20-40 квадрат метр бўлиши, залдан енгил, хавфсиз тўсиқлар билан ажратилиши, поли хавфсиз гилам қопламаси билан қопланиши, 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар учун турли хилдаги хавфсиз ўйинчоқ ва композициялар мавжуд бўлиши.

Буюртмачи ҳар қандай таклиф ва бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқади.

Танловда бозорда камида уч йилдан буён фаолият кўрсатаётган, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча маҳаллий ташкилотлар қатнашиши мумкин. Улар мазкур хизматлар соҳасида тажрибага ва малакали ходимларга эга бўлишлари шарт.

Таклифлар 16 май соат 16га қадар қабул қилинади.