Тошкент шаҳридаги дарахтларни кесганларга жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади

Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт аҳолисига ушбу тартибсизликларга уч кун ичида барҳам берилиши ва бундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилишини шахсан ўзи назоратга олишини билдирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 май – Sputnik. Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларидаги дарахтлар кесиб ташланишига барҳам беради. Бу ҳақда ҳокимлик ахборот хизмати хабар қилди.

"Бир неча ўн йиллик соғлом ва шаҳримизни чиройига чирой бағишлаб турган дарахтларнинг аёвсиз кесиб ташланаётганлигига кескин барҳам бериш мақсадида, масъул бошқарма ва ташкилотлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилади. Жавобгарликкача тортиш чоралари кўрилади", — дейилади хабарда.

Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими пойтахт аҳолисига ушбу тартибсизликларга уч кун ичида барҳам берилиши ва бундай ноқонуний ҳаракатларга чек қўйилишини шахсан ўзи назоратга олишини билдирди.

Ҳокимлик бирор жойда дарахт кесилаётганда бунинг олдини олиш мақсадида аҳолидан Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишонч телефонига ёки ички ишлар идораларига қўнғироқ қилишини сўрамоқда.