ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik, Антон Курилкин. Sputnik Ўзбекистон генерал Собир Раҳимовнинг ҳаёти ва жанговар йўлини ёдга олади.
Совет иттифоқининг бўлажак қаҳрамонининг отаси қозоқ, онаси ўзбек эди. Унинг туғилган жойи ҳақида икки хил маълумот айтилади: бирида у Тошкентда туғилган дейилса, иккинчисида Жанубий Қозоғистон вилоятида туғилган дейилади. Туғилган санаси ҳақида ҳам маълумотлар турлича: бир манбага кўра Раҳимов 1902 йил 1 январда туғилган, яна бир манбада эса унинг 25 январда туғилганлиги айтилади.
Болакай саккиз ёшлигида отасидан айрилади ва онаси билан Тошкент вилоятида яшовчи тоғаси Раҳимжонникига кўчиб келишади.
Жанговар йўлнинг бошланиши
Йигирма ёшга тўлганида Собир Раҳимов ишчи-деҳқонлар Қизил армияси сафига киради. 1925 йилда Боку бирлашган ҳарбий мактабини битирган ёш командир Туркистон ҳарбий округига хизматга жўнатилади.
Дастлабки йилларда Раҳимов квалерия бўлинмаларида қўмондонлик қилади. Жангларда кўрсатган жасорати учун 1926 йилда дастлабки орденга сазовор бўлади.
1938 йилги тозаловлар пайтида Раҳимов ҳарбий хизматдан четлатилади, аммо 1940 йилда қуролли кучлар сафига қайтарилади ва Ғарбий махсус ҳарбий округга жўнатилади.
Иккинчи Жаҳон урушини майор Раҳимов мотоўқчи полк командири ўринбосари сифатида қарши олади. 1941 йил ёзида Собир Раҳимов Ғарбий фронтда, Беларус ва Смоленскдаги жангларда иштирок этади ва яраланади.
Даволаниб чиққанидан сўнг Раҳимов Жанубий фронтга йўл олади ва 353-ўқчи дивизиянинг 1149-ўқчи полкига командирлик қилади.
"Большие Салы қишлоғидаги жангларда полкни жасурлик билан бошқарди, ўз ибрати билан жангчиларни жангга чорлаб, душманга катта талофат етказди. 28 ва 29 ноябрда Ростов учун жангда унинг раҳбарлигидаги полк Ростовни биринчи бўлиб ишғол этди ва Каменоломня районига кириб борди. Ўртоқ Раҳимов ҳукумат мукофоти — "Қизил Байроқ" ордени билан мукофотланди", — дейилади 1941 йил декабрда Раҳимовнинг жасорати учун тақдим этилган тақдирлов варақасида.
1942 йил январда Раҳимов яна яраланади ва фронтга май ойида қайтади.
У хизматни 56-армиянинг 395-ўқчи дивизияси командири ўринбосари сифатида давом эттиради.
Қирқ иккинчи йилнинг оғир ёзида, Вермахт Қизил армияни Волгага тақаб қўйган пайтда Раҳимов Шимолий Кавказ мудофаасида иштирок этади ва ўз дивизияси билан немис қўшинларининг Кавказ нефтига етиб келишларига йўл қўймайди.
Сентябрга келиб Раҳимов дивизияга қўмондонликни ўз қўлига олади. 42-йил кузида дивизия Туапсени мудофаа қилиб, немисларнинг Қора денгизга чиқишларига тўсқинлик қилади.
Раҳимов дивизияси учун энг оғир жанглардан бири 23 сентябрда бўлади — душман унга қарши артиллерия ва 75та самолёт ҳужумидан кейин уч яримта полк пиёда қўшинларини, бешта танк, 11 бронетанк ва бронемашиналарни ташлайди. Раҳимовнинг жангчилари барча ҳужумларни қайтаришади ва ортга чекинишмайди.
Жанговар генерал
1943 йил мартда Раҳимовга генерал-майор унвони берилади ва Москвага Ҳарбий академияга ўқишга чақирилади.
Унинг майорликдан генералликкача жуда тез кўтарилиши шахсий офицерлик хусусиятлари билан изоҳланади.
Тақдирлов варақасида у ҳақда шундай дейилади:
"Иродали, саводли, ўсувчи ўртоқ. Уруш бошидан буён гитлерчи босқинчиларга қарши фронтда бўлган, яраланган ва соғайганидан сўнг 353-ўқчи дивизияга полк командири этиб жўнатилган. Полкка қўмондонлиги давомида ишини аъло даражада бажарган… Ўртоқ Раҳимов барча турдаги қўшинларни бирлаштиришни уддалай олади ва жанговар вазифани бажариш учун уларнинг барчасини сафарбар қилади".
1944 йил ноябри ўрталарида, ўқишни якунлаган генерал-майор Раҳимов фронтга қайтади ва Шарқий Пруссияда жанг қилаётган 37-гвардия ўқчи дивизияси қўмондонлигини олади.
Гвардиячилар тўққиз минг жангчи қўриқлаётган Грауденц шаҳар-қалъасини ишғол этишда ажралиб туришади. Кучли зарба билан душман ҳимоясини ёриб кирган Раҳимов жангчилари шаҳар кўчаларида душман гарнизонининг барча кучларини ўзларига жалб этишади ва Қизил армиянинг бошқа қисмлари душманга қанотдан зарба беришига имкон яратишади.
"Баланд бўйли, чўзинчоқ юзлари жануб қуёшида қорайган, калта ва кенг бурунли генерал-майор Собир Умар ўғли Раҳимов дивизия ҳолати ҳақида қисқа, лекин аниқ ҳисобот берди. Унинг ҳисоботида айрим командирларга ҳам тавсиф берилгани эса генералнинг қисм ва бўлинмаларда тез-тез бўлишини ҳамда ўз қўл остидагиларни жуда яхши билишидан дарак беради", — деб тавсифлаганди армия генерали Иван Федюнинский Раҳимовни.
Собир Раҳимов дивизияси Данциг кўчаларига ҳам биринчи бўлиб кириб келган. Энг оғир участкалардаги жангларда генерал-майорнинг шахсан ўзи бошчилик қилган. Бу унинг қаҳрамонлиги ҳақидаги ягона ҳолат эмас.
"Дивизиянинг ҳужум ҳаракатларида ўзининг жасур, қатъий ва мард генерал эканлигини намойиш этди… 241-ўқчи полкка етакчилик қилиш давомида полкнинг асосий йўналишда олдинга силжишини таъминлади. Жангларда яраланган бўлса ҳам вазифа бажарилмагунига қадар жанг майдонини ташлаб кетмади", — дейилади Раҳимовни тақдирлов варақасида.
Аммо ўлим генерални жанг майдонида эмас, дивизия кузатув пунктида — 1945 йилнинг 26 мартида, ғалабага бир ярим ой қолганида излаб топди. Немис кемасидан отилган оғир снаряд кузатув пунктига келиб тушди. Собир Раҳимов бошидан оғир жароҳат олди ва касалхонада вафот этди.
Қаҳрамонлар ҳеч қачон унутилмайдилар
Қаҳрамон Тошкентдаги Кафанов номидаги паркда дафн этилди. Йигирма йилдан сўнг генерал-майор Раҳимовга ўлимидан кейин Совет Иттифоқи қаҳрамони унвони берилди.
Иосиф Сталин "темир генерал" деб атаган Собир Раҳимов ҳақида Комил Яшин томонидан "Генерал Раҳимов" пьесаси ёзилган ва 1967 йилда "Ўзбекфильм" студияси томонидан шу номдаги бадиий фильм суратга олинган.
2010 йилда Тошкентдаги генерал номи қўйилган метро бекати номи ўзгарди. Собир Раҳимов тумани Олмазор тумани номини олди, афсонавий қўмондон ҳайкали Ғафур Ғулом номидаги боғга кўчирилди. Орадан саккиз йил ўтгач, май ойи бошларида ҳайкал ўзининг олдинги жойига қайтарилди.