ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 9 май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган Болалар ҳарбий паради бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда ИИББ матбуот хизмати.
Болалар парадида куч ишлатиш тизимлари тасарруфида бўлган 500га яқин мактаб ва лицей ўқувчилари иштирок этишди. Хусусан ИИВ 1 сон академик лицейи ўқувчилари, "Темурбеклар мактаби", "Жар" ССМ қошидаги махсус мактаб-интернати ҳамда бошқа қатор таълим муассасалари ўқувчилари тантанали саф тортиб ўтдилар.
Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу байрам тадбири ёш ўғил-қизлар қалбида ватанпарварлик туйғусининг яна мустаҳкамлашни мақсад қилган. Парадда дастлаб, ҳарбий оркестр садолари остида, Ўзбекистон байроғи олиб ўтилди, сўнг Ўзбекистон мадҳияси янгради.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Ичики ишлар вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Жўраев, "Нуроний" жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Р.Колонов ва бошқалар сўзга чиқиб уруш фахрийларини 9 май — Хотира ва қадрлаш куни билан табриклаб уларга соғлик ва узоқ умр тиладилар.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари ижросидаги ҳарбий ватанпарварликка оид шеър ва қўшиқлари ижро этилди.