"Кинжал" ракеталари ўрнатилган ўнта МиГ-31 жанговар ҳолатга келтирилди

Владимир Путин март ойида Федерал йиғинга мурожаатида "Кинжал" ва Россиянинг бошқа янги қуролларини намойиш этганди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Товушдан тез ҳаракатланувчи "Кинжал" ракеталари ўрнатилган ўнта МиГ-31 самолёти жанговар навбатчиликда турибди, деб хабар берди РИА Новости Россия мудофаа вазири ўринбосари Юрий Борисовга таяниб.

"МиГ-31 самолёти ракетани керакли баландликда керакли тезликда учиришга мослашган. Бугунги кунда ўнта самолёт жанговар синов навбатчилигида турибди ва вазиятга қараб фойдаланишга шай ҳолатда", — деди Борисов "Звезда" телеканалига.

"Кинжал", "Сармат", "Авангард": Россиянинг энг замонавий қуроллари қандай ишлайди

Унинг айтишича, бу Россия президенти Владимир Путин айтган тўрт янги қуролдан биридир.

"У замонавий қурол: узоқ масофага товушдан тез учувчи ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракетадан мудофаа тизимларини писанд қилмайди. Унга зарар етказиш имкони йўқ ва жуда жиддий жанговар қудрат ва салоҳиятга эга", — деди Борисов.

Владимир Путин март ойида Федерал йиғинга мурожаатида "Кинжал" ва Россиянинг бошқа янги қуролларини намойиш этганди.

Ракета товуш тезлигидан ўн баравар тезроқ учади ҳамда барча ҳаво ва ракета ҳужумидан мудофаа тизимларига чап берган ҳолда икки минг километргача масофадаги нишонга етиб боради.

"Кинжал" ракеталари душманнинг авиаташувчи, эсминец ва крейсерларини йўқ қилиши мумкин.

Тўққизинчи май куни "Кинжал" мажмуаси ўрнатилган МиГ-31К қирувчи самолётлари Москвада ўтказиладиган парадда иштирок этади.