Мирзиёев Наманганда картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича топшириқ берди

Ҳосилдор уруғлар бутун мамлакатга етказиб берилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Чуст туманидаги "Барака мева саноат сервис" масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди ва у ерда барпо этилган интенсив усулда қурилган иссиқхонани кириб кўрди, деб хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот-хизмати.

Корхонанинг 17 сотихлик тажриба участкасида мева-сабзавотлар синовдан ўтказилмоқда.

"Аэропоника усулида картошка уруғи етиштириш тажрибаси Мирзиёевда катта таассурот қолдирди. Ёш олим Шерзод Тошпўлатов татбиқ этган бу усул орқали анъанавий усулга нисбатан 6 баробар юқори ҳосил олиш мумкин", — дейилади хабарда.

Ўзбекистон раҳбари ушбу тажриба асосида Наманганда картошка уруғчилигини ривожлантиришга доир махсус қарор ишлаб чиқиш, бутун мамлакатимизга ҳосилдор уруғ етказиб бериш бўйича топшириқ берган.

Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига келди
Шунингдек, президент учун шу ернинг ўзида 2018-2019 йилларда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик, пиллачиликни ривожлантириш, тутзорлар ташкил этиш, қурғоқчил майдонларнинг сув таъминотини яхшилаш, пахтадан бўшаган ер майдонларига бозоргир экинлар экиш, булар орқали вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилган.

"Барака мева саноат сервис" масъулияти чекланган жамияти ўз фаолиятини 2015 йилда ёнғоқ, майиз ва ковулни экспорт қилишдан бошлаган. Ҳозирда бу ерда кунгабоқар, фасол, уруғлик картошка, дурагай маккажўхори, помидор ҳам парваришланмоқда. Жамият томонидан интенсив боғ ташкил этилиб, экспортбоп мевалар етиштириш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 9,6 миллиард сўм бўлиб, йилига 4 минг 600 тонна ёнғоқ етиштириш, бир йилда 40 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот олиш режалаштирилган. Ҳосилнинг 70 фоизини экспортга йўналтириш кўзда тутилган.