Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси делегациясини қабул қилди

Суҳбатда Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 3 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Ён Гил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, дўст Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунджомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.

Мирзиёев икки Корея раҳбарлари учрашувини тарихий воқеа деб баҳолади

Суҳбатда Ўзбекистон билан Корея ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.

"Суҳбат чоғида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди", — дейилади хабарда.

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сон Ён Гиль Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва табрик учун миннатдорлик билдириб, Корея президенти Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Меҳмон Корея Республикаси улкан минтақанинг тинчлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти йўлида Ўзбекистон Республикаси билан кенг кўламли ва кўп форматли шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди.