ТОШКЕНТ, 3 май – Sputnik. Бу йил Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар алмашиш ҳажмини 2017 йилдаги 5 миллиард доллардан 6 млрд долларга етказиш режалаштирилмоқда, деди Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов "Халқ сўзи" газетасига берган интервьюсида.
"2018 йилги режаларимизнинг барчаси президентимиз томонидан берилган топшириқлар, вазифалар ва кўрсатмаларга асосланган. Бу йил ўзаро савдо ҳажмини олти миллиард долларга етказиш ана шу вазифалар қаторидан ўрин олган", — деди Ашрафхонов.
Элчи 2018 йилдаги устувор вазифалардан бири ўзаро муносабатларда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш эканлигини қайд этди. Россиянинг ўн ҳудудига Ўзбекистон вилоятлари вакилларининг ташрифларини ҳамда Россиянинг саккиз ҳудуди вакилларининг жавоб ташрифларини ташкил этиш режалаштирилган.
"Шу билан бирга Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ташрифларни амалга оширишга бағишланган зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича иш олиб бориш ва Татаристонда Ўзбекистон Республикаси кунларини ўтказиш кўзда тутилган", — деди элчи.
Ашрафхонов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россияга қилган давлат ташрифи якунида икки томонлама 50 дан зиёд шартнома ва бошқа ҳужжатлар имзолангани, савдо-иқтисодий келишувларнинг умумий ҳажми 16 миллиард доллардан ошганлигини эслатиб ўтди. Эришилган келишувларнинг изчиллик билан амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликнинг барча соҳасини қамраб олувчи тегишли "Йўл хариталари" ишлаб чиқилди.
"Ҳозирги пайтда уларда кўзда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ равишда амалга ошириш ишлари давом этмоқда", — деди элчи
Ашрафхоновнинг сўзларига кўра, 2017 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларига етиб, 2016 йилдагига нисбатан 20 фоиз ўсишга эришилди. Бундан ташқари, 11 соҳа лойиҳалари бўйича Россиядан жалб қилинган сармоялар ҳажми 1,63 миллиард долларни ташкил этди. Шунингдек, жами 139 та икки томонлама ташриф ва тадбирлар амалга оширилди.